Янгиликлар
20
Ховослик фуқаронинг ўлими 25 йил ўтиб қайд этилди
Ховос туманида яшовчи Р.Сулейманов билан З.Сулейманова 1993-йилда оила қуришди. Уларнинг биргаликдаги турмушидан 3 нафар фарзанд дунёга келди. Тўнғичи ҳам, иккинчи фаранди ҳам қиз туғилганлиги сабаб ўртанчасини Ўғилой деб аташди. Учинчи фарзанд орзу қилинганидек, ўғил туғилди. Ўғилой бироз нимжон эди, шифокорлар ҳарчанд урунишмасин чақалоқнинг соғлиги кундан-кунга ёмонлашиб, икки ойлигида оламдан ўтди.
Ҳаётнинг кутилмаган зарбасидан ўзини йўқотиб қўйган ота-она фарзандининг ўлим ҳақидаги гувоҳномасини олиш зарурлиги ҳақида ўйламади ҳам.
Аммо ҳозирда ушбу ҳужжат керак бўлиб қолди. Бу борада улар Ховос туман адлия бўлимига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Адлия бўлими томонидан фуқаро Р.Сулеймановнинг марҳум фарзанди Раимқулова Ўғилой Равшан қизининг вафот этганлиги сабабли ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати қонунчилик талаблари асосида ўрганилди, зарур ҳужжатлар тўпланди.
Ховос тумани 1-сон ФҲДЙ бўлими томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада қайд этилганидек, Раимқулова Ўғилой Равшан қизи 1997-йил 7-сентябр куни туғилган.
Ўрганиш давомида Раимқулова Ўғилой Равшан қизининг ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви 1994-2000-2022-йиллар текширилганда Сирдарё вилоят ФҲДЙ архивида мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 283-моддаси 10-бандига кўра, судлар юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни, агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, белгилашга оид ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 20-бандига кўра, агар шахснинг маълум вақт ва маълум ҳолатда вафот этганлигини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд бўлса, ФПК 295-моддасининг 10-бандига асосан суд ўлганлик фактини белгилайди.
Қайд этилганларга асосан Ховос туман адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Натижада суднинг ҳал қилув қарори Раимқулова Ўғилой Равшан қизининг ўлганлик факти белгиланди.
Сирожиддин Қўзиев,
Ховос туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси