Янгиликлар
Қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланди
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳалари айни пайтда жойларда кенг муҳокама этилмоқда.
Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилган “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзуидаги cеминар-тренинг ҳам мазкур қонун лойиҳаларини такомиллаштириш масаласига бағишланди.
Тадбир иштирокчилари истиқлолнинг дастлабки кунларидан мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиб келинаётганини таъкидлади. Қабул қилинаётган қонунлар мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши шериклик муносабатларини ривожлантириш ва давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур қонунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, жамиятимизнинг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик чегаралари аниқ белгилаб берилади.
– Мустақиллик йилларида мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратиб келинмоқда, – дейди “Фаол” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Нигора Ғаффорова. – Қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг ошкоралиги ҳамда самарадорлигини таъминлашдаги ролини кучайтиришга хизмат қилади.
Тадбирда янги қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятига оид маърузалар тингланди. Қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.