Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

1 августдан нималар ўзгаради?


Давлат органлари ва ташкилотлари учун очиқлик индекси жорий этилади

Президентнинг 14.06.2022 йилдаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилади.

Индекс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш имконини беради.

Mobile-ID тизими жорий этилади

Президентнинг 20.04.2022 йилдаги “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, жисмоний шахсларни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд воситалари билан параллел равишда ишлайди. У шахсни унинг мобиль телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади. Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари марказлари ёки нотариал идоралар томонидан ёхуд ЯИДХПнинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.

Ногиронлар учун “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон тизими ишга туширилади

Президентнинг 27.11.2021 йилдаги “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-22-сонли қарорига асосан, 2022 йил 1 августдан бошлаб, дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизими жорий этилади.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари мактаблар, болалар боғчалари ва поликлиникаларга хизмат кўрсатишни бошлайди

Президентнинг 18.03.2022 йилдаги “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-173-сонли қарорига асосан, республиканинг барча туман ва шаҳарларида юридик хизмат билан таъминланмаган давлат органлари ва ташкилотларининг қуйидаги туман (шаҳар) бўлинмаларига юридик хизмат кўрсатилади:

  • Бўлимлар:
  • маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими;
  • қишлоқ хўжалиги бўлими;
  • туризм ва маданий мерос бўлими;
  • спортни ривожлантириш бўлими;
  • оила ва хотин-қизлар бўлими;
  • Давлат солиқ инспекцияси;
  • Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
  • Умумий ўрта таълим мактаблари;
  • Мактабгача таълим ташкилотлари;
  • Кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар.

Оилавий поликлиникаларнинг иши рейтинг бўйича баҳоланади

Президентнинг 25.04.2022 йилдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-215-сонли қарорига асосан, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолашнинг янги рейтинг тизими жорий қилинади. Бунда:

  • ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;
  • ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади;
  • ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

Саноат мулки муҳофазаси кучайтирилади

Президентнинг 26.04.2022 йилдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-221-сонли қарорига асосан, Адлия вазирлигининг «Саноат мулки муҳофазаси портали» ишга туширилади. Портал орқали республикада ишлаб чиқарилаётган, реализация қилинаётган маҳсулотларни уларда қўлланилган ном, қадоқлар ва бошқа реквизитларда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни текшириш мумкин бўлади:

  • товар белгиси;
  • географик кўрсаткич;
  • товар келиб чиққан жой номи;
  • саноат намунаси.

Мақсуд Мустафоев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими