Янгиликлар
Давлат гербига ҳурматсизлик жавобгарликка сабаб бўлади: Герб ҳақида нималарни биламиз?
Давлат гербини ҳурмат қилиш шарт. Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурматсизлик қонунларда белгиланган тартибда жазоланади.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2031-моддасида давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 173-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”, деб белгиланган.
Герб ҳақида нималарни биламиз?
Герб (полякча — «herb», нем. «Erbe» — «мерос» сўзидан олинган) — бирон-бир мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий ва тарихий характердаги ғоялари мажмуасини, ўзига хос табиий ва хўжалик хусусиятлари, табақавий тафовутларини, шахс, уруғ ва бошқаларнинг шажараларини ифодаловчи алоҳида рамзий белги ҳисобланади.
Герблар ранги, шакллари, расмлари билан ўзаро фарқланиб, махсус қоидаларга биноан ишланади ва махсус терминлар билан тавсифланади.
Герблар қуйидаги тоифаларга бўлинади:
- Давлат герблари;
- вилоят, туман, шаҳар ва бошқаларнинг герблари;
- корпорация ва фирмалар (ўрта асрлардаги цех, гильдия ва бирлашма) ларнинг герблари;
- уруғлар ва қабилаларнинг герблари.
Герблар антик даврлардан пайдо бўлган, Шумер давлатининг гербида шер бошли бургут, Қадимги Рим давлати гербида эса бургут тасвирланган.
Амир Темур давлатининг ҳам герби бўлган. Бу гербда уч ҳалқа тасвирланган бўлиб, бу Амир Темурнинг уч иқлимда, яъни Шимол, Жануб ва Ғарбда ҳукмрон эканига ишорадир.
Кейинчалик байроқлар, қоғоз пуллар, муҳрлар, қоғозларда гербларнинг тасвири туширила бошланди. Герб ва уларнинг тарихи билан геральдика фани шуғулланади.
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассамэтган. Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта.
Шу рамзлардан бири Давлат гербидир. Герб – бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборат.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, Ўнг томонида очилган пахта чаноқлари суврати туширилган чамбардан иборат.
Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган: саккиз қирра ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз мусулмонларнинг қутлуғ рамзидир.
Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.
Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.
Давлат герби тасвири муҳрларда, жумладан божхона ходимларининг шахсий муҳрларида ва давлат идоралари, хусусан божхона органларининг махсус босма қоғозларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғоз ва облигацияларда, фуқаролик паспортларида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ўринларда акс эттирилган.