Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Вояга етмаган болаларга алимент қандай тартибда ундирилади?


Оила кодексининг 96-моддасида вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шу билан бирга, ушбу кодекснинг 136-моддасига мувофиқ алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Мазкур шахс, низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бу ариза буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади.

Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.

Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.

Бундан ташқари, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига асосан даъвогарлар — алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгилаб қўйилган.

Саволга Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси Тўлқин Турдибеков жавоб берди.