Янгиликлар
13
Адлия вазири ўринбосари Актам Мухаммадиев Боёвут туманидаги “Миришкор” маҳалласида сайёр қабул ўтказди
Мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масалалари янада такомиллаштирилмоқда. Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳам бевосита аҳоли билан юзма юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларига ҳуқуқий ечим топишнинг муҳим омили бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Мухаммадиев Актам Зайниддинович томонидан вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир бўлган ҳудудлардан бири - Боёвут туманидаги “Миришкор” маҳалласида жисмоний ва юридик шахслар учун ўтказилган сайёр қабулда ҳам айнан аҳолининг муаммолари ўрганилди.
Фуқаро Санобар Султонова “Миришкор” маҳалласи Маҳобат кўчасида истиқомат қилади, “Аёллар дафтари”да рўйхатда туради. Сайёр қабулда бир марталик моддий ёрдам олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Фуқаронинг ушбу мурожаати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан белгиланган тартиб тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Фуқаролар Нортожи Бойтўраева ҳамда Галина Ахмедова пенсионерларга берилган имтиёзлардан фойдаланмоқчи, саломатлигини тиклаш мақсадида санаторияда даволаниш учун йўлланма олишда касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, йўлланма берилмаган. Фуқароларнинг ушбу мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Нортожи Бойтўраева ҳамда Галина Ахмедовага саломатлигини тиклаш учун санаторияга йўлланмалар топширилди.
Нилуфар Атабуллаеванинг 2001 йилда туғилган фарзанди Озодбек Мамиров бахтсиз ҳодиса сабаб 2018 йилда вафот этган. Бироқ бугунги кунга қадар ўлим факти белгиланмаган. Сайёр қабулда фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, ушбу ҳужжат расмийлаштирилди.
Бобур Сайфуллаев ва Юлдуз Давронова турмуш қуришганига 7 йил бўлди. Ҳозирда 3 нафар фарзанди бор. Бироқ шаръий никоҳда яшаб келишмоқда. Сайёр қабулда қонуний никоҳни қайд этишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ижобий ҳал бўлди. Ҳеч қандай монеъликлар бўлмаганлиги сабабли шу куннинг ўзида уларнинг никоҳлари қонуний расмийлаштирилди.
- Оилавий муаммолар, қолаверса бироз бепарволигимиз сабаб ўз вақтида қонуний никоҳдан ўтмаганмиз. Орадан 7 йил ўтди, биргина шу ҳужжатнинг йўқлиги кўп ҳолларда бизни ортиқча сарсонгарчилигимизга ҳам сабаб бўлди. Бугун сайёр қабулга шу масалада мурожаат билан келдик. Тўғриси, ҳозир ҳаяжонимизнинг чеки йўқ, жуда бахтиёрмиз, бағримиз бутун бўлди, адлия кўмаги билан никоҳимиз қонуний қайд этилди, мана никоҳ ҳақидаги гувоҳномани олдик, - дейди Б.Сайфуллаев.
Сайёр қабул давомида уй-жойни расмийлаштириш, ишга жойлашиш, моддий ёрдам, кредит олиш, алимент ундириш, пенсия, нафақа тайинлаш, касалхонада даволаниш учун ордер олиш каби масалаларда 60 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Шундан, 10 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди, 10 та мурожаат бўйича жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди, ўрганиш муддат талаб қиладиган 40 та мурожаат иш юритувга қабул қилинди.
“Миришкор” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр кабулда аҳолига тезкор ва сифатли давлат хизматлари ҳам кўрсатилди. Жумладан, 11 нафар фукароларга ЭРИ калитлари берилди, 48 нафар фукароларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйилди, 12 нафар фуқарога ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш, 1 нафар фуқарога ўлим қайд этилганлиги тугрисидаги маълумотномани олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, аҳолига сайёр тартибда интеллектуал мулк ҳимояси, нотариус, адвокат, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Сайёр қабул доирасида хайрли тадбирлар ҳам амалга оширилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Боёвут туман бўлими билан биргаликда 6 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга Адлия вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ногиронлик аравачалари топширилди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун мамлакатимизда шундай тизим яратилдики, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳолатини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш имкониятлари кенгайди. Адлия вазири ўринбосари Актам Мухаммадиевнинг аҳоли вакиллари билан сайёр мулоқоти ҳам ана шундай самарали бўлди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими