Янгиликлар
30
«Коррупция — ривожланишимизга тўсиқ!» Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ўтказилган давра суҳбати айни шу мавзуда бўлиб ўтди
Коррупция – жамият ривожланиш илдизига болта урадиган, фан, таълим, тиббиёт ва мудофаа каби зарурий фаолият нормалари ва қоидаларини издан чиқарадиган иллатдир. Коррупция асосан мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб қонунга хилоф равишда моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида асосан мансабдорлар, бошқарув органлари вакиллари орасида кўплаб кузатилиши бу каби салбий иллатларни нечоғлик хавфли эканлигини кўрсатади. Коррупцияга қарши кураш қатъий ва шафқатсиз бўлмаган давлат ва жамият ривожланиш остонасига ҳеч қачон қадам босмайди.
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам шахсий таркибга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини етказиш ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, энг асосийси, коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатни шакллантириш асосий мақсад этиб белгиланди.
Тадбирда иштирок этган Сирдарё вилоят ҳокимлиги, Гулистон ҳарбий прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси ва адлия бошқармаси вакиллари томонидан иштирокчиларга юртимизда ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари етказилиб, бу каби жиноятларга қўл урган шахсларга кескин жазо муқаррар эканлиги яна бир бор эканлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни доирасида ўтказилган мазкур тадбирда масъуллар томонидан коррупция ва порахўрликка қарши курашишда янгича тизимлар, жумладан, ички назоратни ташкил этиш ва уни амалга ошириш бўйича ҳар бир ташкилотда бажарилиши лозим бўлган вазифалар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шу билан биргаликда, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, ўз вақтида хабар берган шахслар моддий ва маънавий рағбатлантирилиши ҳамда уларнинг хавфсизлиги таъминланиши айтиб ўтилди.
Тадбир давомида ушбу турдаги содир қилинган жиноятлар ва уларга нисбатан билдирилган муросасиз муносабатлар маърузачилар томонидан мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан берилган савол, фикр-мулоҳазаларга масъуллар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати