Янгиликлар
Кимлар мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун тўловдан озод қилинади?
Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш уч ёшдан етти ёшгача этиб белгиланган бўлиб, айнан шу ёшдаги болалар сони Сирдарё вилоятида 68 153 нафарни ташкил этади. Ушбу болаларнинг 78.9 фоизи, аниқроғи 53 755 нафари бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланиб келмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминоти учун тўланадиган тушумлар назарда тутилган бошқа бюджет маблағлари билан бирга мақсадли тартибда тарбияланувчиларни озиқ-овқат билан таъминлашни ҳамда муассасанинг моддий-техника базасини яхшилашга, авваламбор, санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга мақсадли тартибда йўналтирилади.
Мактабгача таълим ташкилотига қабул қилинган болалар учун уларнинг ота-оналаридан болалар таъминотига маълум миқдорда пул маблағлари тўланиши белгиланган. Ушбу болалар таъминоти учун тўланадиган тушумлар тарбияланувчиларни озиқ-овқат билан таъминлашни ҳамда муассасанинг моддий-техника базасини яхшилашга, шунингдек, санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга мақсадли тартибда йўналтирилади.
Шундай бўлсада, давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида айрим ҳолатларда мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётганлиги учун тўловлардан болаларнинг ота-оналаридан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2016 йил 23 августдаги қўшма қарори билан (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 23 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 2821) тасдиқланган Мактабгача таълим ташкилоти ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда мактабгача таълим муассасасида болаларини тўловлардан озод қилиниши тартиби белгиланган.
Мактабгача таълим ташкилотидаги болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.
Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар йилнинг 25 сентябрь кунига қадар тегишли мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади. Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади. Тўловдан озод қилинган болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига қатнаши тўхтаган тақдирда, бўшаб қолган ўринлар ушбу захира ҳисобидан тўлдириб борилади.
Шунингдек, Мактабгача таълим ташкилотида юқорида номи зикр қилинган Низомнинг иловаси билан тасдиқланган рўйхатда кўрсатилган жисмоний ёки ақлий ривожланишидаги нуқсонлари бўлган болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ундирилмайди. Булар:
1. Нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш).
2. Эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик).
3. Кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар).
4. Таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари).
5. Психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш (ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси).
6. Мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги).
7. Сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж), шунингдек сил касаллигидан кейинги тиклаш даври.
Ушбу рўйхатда келтирилган турдаги жисмоний ёки ақлий ривожланишидаги нуқсонлари бўлган болаларнинг ота-оналари тиббий ташхисини билан мактабгача таълим ташкилотига мурожоаат қилган тақдирда улар ушбу болалари учун тўловдан озод қилинадилар.
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.
Акбар Аҳроров,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Президент ҳужжатлари ва топшириқларини назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси