Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Бепул ҳуқуқий маслаҳатдан фойдаланинг!


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2021 йилдаги «Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5168-сонли Қарорига асосан ташкил қилинган Юридик хизмат кўрсатиш марказлари зиммасига бир қатор вазифалар юкланган.

Марказ ходимлари ўз олдига ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, чин етим, васийлик ёки ҳомийлик тайинланган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга мавжуд муаммоларини ҳал этишда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар беришни мақсад қилиб қўйган.

Шунга кўра, Сардоба тумани Юридик хизмат кўрсатиш маркази ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўбаси масъул ходимлари томонидан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, ушбу тоифа вояга етмаганларнинг яшаш ва турмуш тарзи, таълим-тарбияси ва ижтимоий ҳимояси аҳволи, мавжуд муаммоларини ўрганиш мақсадида, жорий йилнинг 2 ноябр куни 4 та хонадонда яшовчи чин етим, васийлик ва ҳомийликка берилган вояга етмаганларнинг яшаш ва турмуш тарзи, шарт-шароитлари ўрганилди.

Жумладан, Қуйитош маҳалласи «Бирлашган» кўчаси 15-уйда яшовчи Мамасафарова Норгул Абдувалиевнанинг хонадонига борилиб, у томонидан 08.11.2019 йилда васийликка олинган, 06.03.2013 йилда туғилган, туман Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 6-сонли умумтаълим мактаби 1-синф ўқувчиси Атамурадов Умар ва унинг опаси, яъни 10.07.2010 йилда туғилган, шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси Атамурадова Одиналарнинг яшаш ва турмуш тарзи ўрганилиб, уларнинг муаммолари сўралганда, васий Н.Мамасафарова васийликка олинган вояга етмаганлар учун алоҳида хоналар, дарс тайёрлаши учун шарт-шароитлар етарли эканлигини маълум қилиб, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан моддий ёрдам берилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақидаги масала билан мурожаат қилди.

Васийга моддий ёрдам тайинлаш масаласи юзасидан ўзлари истқомат қилиб келаётган Қуйитош маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Ҳудди шундай, Халқобод маҳалласи «Ибн Сино» кўчаси 2/3-уйда яшовчи, 27.11.2006 йилда туғилган, 6-сонли умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Элтоев Қувонч Азамат ўғлини 17.09.2021 йилда ҳомийликка олган фуқаро Ачилов Эркин Бахриддиновичнинг уйига борилиб, ҳомийликка олинган вояга етмаган ва ҳомийси билан учрашиб, уларнинг мавжуд муаммолари, яшаш ва турмуш тарзи ўрганилди.

Ҳомийликка олинган вояга етмаган бола учун алоҳида хона, дарс тайёрлаши учун стол-стул, компьютер техникаси мавжудлиги, барча шарт-шароитлар етарли еканлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Қуйитош маҳалласи «Турон» кўчаси 8/9-уйда яшовчи, 26.07.2006 йилда туғилган, 12-сонли умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Хайритдинов Асхад, 07.11.2007 йилда туғилган, мазкур мактабнинг 8-синф ўқувчиси Хайритдинов Иляс, 18.09.2013 йилда туғилган, шу мактабнинг 2-синф ўқувчиси Хақбердиева Заринабонуларни 10.10.2021 йилда васийликка олган фуқаро Шукурова Розалия Нигматуллаевнанинг хонадонига борилиб, васийликка олинганлар учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд муаммолари ўрганилди.

Васий Р.Шукурова васийликка олинган 2-синф ўқувчиси З.Хақбердиевага инглиз тили фани дарслиги етарли эмаслиги ҳақида мурожаат қилди, мазкур мурожаат юзасидан шу ернинг ўзида умумтаълим мактаби директори С.Шералиева билан телефон орқали суҳбатлашиб, ўқувчи инглиз тили фани дарслиги билан таъминланди.

Шунингдек, Халқобод маҳалласи ҳудудида жойлашган минерал ўғитлар омбори қоровулхонасида (нотурар жой) уйда яшовчи, 10.02.2021 йилда чин етим мақомини олган, 27.07.2007 йилда туғилган, 6-сонли умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Нурмухаммедова Элноза Эшмухаммад қизини васийликка олган унинг туғишган акаси Жумабеков Шоҳрух Эшмуҳаммад ўғли билан учрашув ўтказилиб, уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари ўрганилди.

Фуқаро СҲ.Жумабеков васийликка олинган синглиси учун таълим-тарбияси, ижтимоий ҳимояси бўйича муаммолари йўқлиги, бироқ, ўзи ва вояга етган синглиси Нурмухаммедова Хуршида учун доимий иш йўқлиги, кредит олиш истаги борлиги ҳақида мурожаат қилди.

Васий С.Жумабековга ҳам Марказ ходимлари томонидан тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ўрганишлар давомида ҳар бир васийлик ёки ҳомийликка олган фуқароларга қарамоғидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғдираётган ёки уларнинг таъминоти, тарбия ва таълим олишига доир талабларга жавоб бермайдиган ҳолатлар юз берган тақдирда, зудлик билан Юридик хизмат кўрсатиш маркази ёки туман ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўбасига оғзаки ёки ёзма мурожаат қилишлари мумкинлиги, Марказ томонидан бепул тарзда ҳар қандай ҳуқуқий маслаҳат берилиши тўғрисида тушунтириш берилди.

Сардоба тумани Юридик хизмат кўрсатиш маркази