Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Архивларни ташкил этиш шартлари, турлари ва тоифалари ҳамда архив ҳужжатларини ҳисобга олиш тартиблари ҳақида маълумот берсангиз?
А.Юнусов, Гулистон шаҳар “Янги ҳаёт” МФЙ
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида архивларни ташкил этиш учун архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш талабларига жавоб берадиган моддий-техник база, шу жумладан бино (хоналар), зарур жиҳозлар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситалар бўлиши шарт.
Архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқариш намунавий нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Махфий архивлар ташкил этилишига йўл қўйилмайди.
Мазкур Қонуннинг 17-моддасига асосан архивлар давлат ва нодавлат архивлари турларида ташкил этилиши мумкин.
Давлат архивлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:
миллий архивлар;
марказий давлат архивлари;
вилоят ва туман (шаҳар) давлат архивлари;
тармоқ давлат архивлари.
Шу билан бирга, Қонуннинг 22-моддасида архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш қуйидагиларни ўз ичига олади:
архивлар ва идоравий архивларда ҳисобга олиш ҳужжатларини тузиш;
архивлар ва идоравий архивларда йиғма ҳужжатларни тузиш ва уларни «Ўзархив» агентлигига тақдим этиш;
Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш.
Архивлар ва идоравий архивлардаги ҳисобга олиш ҳужжатларига қуйидагилар киради:
ҳужжатларнинг келиб тушиш китоби;
архив фондларининг рўйхати;
архив фонди варағи;
архив рўйхати;
архив фонди йиғмажилди.
Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Саволга Сирдарё вилоят нотариал архив мудири Баҳодир Худайбердиев жавоб берди