Янгиликлар
Шартнома шартлари бузилди, ҳолатга адлия аралашди
“Сирдарё вилоят таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхонаси ҳамда “Оқолтин қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 30.05.2019 йил 11-сонли ва 05.01.2020 йил 01-сонли субпудрат шартномалари тузилган бўлиб, унга кўра, 2019-2020 йиллар давомида “Оқолтин қурилиш” МЧЖ томонидан тумандаги бир неча кўп қаватли уйларда жами 759 325 100 (етти юз эллик тўққиз миллион уч юз йигирма беш минг бир юз) сўмлик қурилиш-монтаж, таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
“Сирдарё вилоят тамирлаш-тиклаш хизмати” ДУК томонидан шартномада кўрсатилган тўловларнинг муайян қисми амалга оширилган, бироқ бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай, 2020 йил июнь ойидан буён 149 599 100 сўм миқдордаги қарздорлик тўланмаган.
Шундан сўнг “Оқолтин қурилиш” МЧЖ раҳбари мавжуд қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўраб Оқолтин туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат бўлим томонидан ўрганиб чиқилганда тарафлар ўртасида тузилган шартномалар, қурилиш ишлари бажарилганлиги тўғрисидаги далолатнома, тарафлар ўртасида тузилган ўзаро ҳисоб-китобларни таққослаш далолатномасида Сирдарё вилоят таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУК Оқолтин қурилиш” МЧЖдан 149 599 100 сўм миқдорда қарздор эканлиги ўз тасдиғини топди.
Натижада адлия бўлими томонидан Оқолтин туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, “Сирдарё вилоят тамирлаш-тиклаш хизмати” ДУК ҳисобидан “Оқолтин қурилиш” МЧЖ фойдасига 149 599 100 сўм миқдорда асосий қарз ва 4 188 774 сўм миқдорда пеня ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Ҳоким Эркабоев,
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи