Янгиликлар
Ҳуқуқий тарғибот - ҳуқуқий саводхонлик асоси
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қонунийлик принципи асосида ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги таъминланиши Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунида алоҳида белгиланган.
Сайхунобод туман адлия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлими ходимлари учун ташкил этилган семинар мазкур қонун мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилди.
Дарҳақиқат, мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади. Семинарда мурожаатларга қўйиладиган талаблар, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари кафолатлари, Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
Тадбир баҳс-мунозара, савол-жавоб тарзида давом этди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Сайхунобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Фарҳод Сиддиқов томонидан тегишли жавоблар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифт бўлими