Янгиликлар
Инклюзив таълим: барча болалар тенг шароитда таълим олади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида халқ таълими тизимида инклюзив таълим дастурлари етарли даражада ривожланмагани, мамлакатимиз олий таълим муассасалари дастурларида ўқитувчиларнинг инклюзив таълим бўйича махсус тайёргарлигини таъминлашдаги муаммолар санаб ўтилган. Имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш орқали мазкур муаммоларни ҳал қилиш, умумтаълим муассасаларини махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич, бошқалар), шунингдек тегишли кадрлар (педагог-дефектолог, болаларни руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар) билан таъминлаш, жамоатчилик ўртасида имконияти чекланган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналиши этиб белгиланган.
2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Таълим тўғрисидаги”ги Қонунда инклюзив таълим таълим шаклларидан бири сифатида эътироф этилиб, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида инклюзив шаклда ёки уй шароитларида якка тартибда таълим олиш хуқуқи кафолатланган.
2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори билан билан 2025 йилгача инклюзив умумтаълимни босқичма-босқич жорий этиш, бунда имконияти чекланган болаларнинг мактабларга келиши учун тўсиқсиз муҳит яратиш, янги қуриладиган мактабларни имконияти чекланганлар учун қулай шароитлар билан қуриш, педагог кадрлар тайёрлаш, ўқув базасини такомиллаштириш борасида зарур вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, қарор билан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, уларнинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш ва таъминлаш мақсадида “2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Инклюзив таълим тизими учун педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни камситиш, уларга нисбатан шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишнинг олдини олишга қаратилган механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш, таълим муассасаларини инклюзив таълимга жалб қилинган ўқувчилар учун махсус жиҳозланган компьютер техникаси, интерактив доска, эшитиш мосламалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш Концепциянинг устувор вазифалари этиб белгиланди.
Мазкур вазифалар ижроси юзасидан жорий йилнинг 12 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 638-сон қарори қабул қилинди. Қарор билан “Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Ушбу низомга кўра инклюзив таълим — алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлаган ҳолда бериладиган таълим ҳисобланади.
Инклюзив таълимнинг мақсади ва вазифалари, инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларда ўқув-таълим жараёнини ташкил этиш, ўқувчиларни мазкур синфларга қабул қилиш, педагог ходимлар фаолияти ва ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш тартиби мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади.
Жумладан, мактабнинг инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларнинг биринчи синфига ўқувчилар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Ўқувчиларни мазкур синфларга қабул қилиш ҳамда чиқариш ҳудудий халқ таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.
Шунингдек, Инклюзив таълим синфларида жами ўқувчилар сони 30 нафардан ошмаслиги керак. Ушбу синфларда умумий ўрта таълим дастурлари бўйича оммавий тарзда ўқиётган ўқувчилар билан бирга махсус (коррекцион) дастурлар асосида ўқиётган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар сони 3 нафардан ошмаслиги лозим.
Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга фақат бир хил тиббий ташхисдаги ўқувчилар қабул қилинади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, таълим соҳасини, хусусан, инклюзив таълимга оид қонунчиликни такомиллаштириш, бу борада босқичма-босқич ислохотларнинг олиб борилиши мамлакатимизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган, имконияти чекланган болаларга соғлом болалар билан бир хил шароитда билим олишларида тенг ҳуқуқ ва имконият яратади.
Хилола Сулайманбекова,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси