Янгиликлар
Юридик хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди
Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июнда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастурил амал бўлди. Қарорга мувофиқ республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди, марказларнинг мақоми, фаолият тартиби, функция ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Сирдарё вилоятида 11 та туман (шаҳар)ларда 41 та штат бирлигида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил қилинди. Айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда юридик хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Ташкилотлар билан ҳужжатлар алмашинуви - “E-huquqshunos” электрон тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиб, фаолиятда қонунийлик таъминланмоқда. Гулистон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази ҳам иш жараёнини мазкур йўналишда ташкил этган.
Ҳуқуқий кўмак юридик хизмат кўрсатиш марказларининг бош мақсади. Шу боис марказ ходимлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида қонунчиликка риоя этиш амалда жорий этилган “Е ҳуқуқшунос” электрон дастуридан самарали фойдаланиш, ҳуқуқий хужжатлар экпертизасида юридик хизмат марказлари билан тизимли мулоқотни ташкил этиб бориш мақсадида семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Мулоқотлар мобайнида соҳа вакилларига хужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш турли шаклдаги қонунбузилишларини олдини олиши, раҳбар ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини қонун асосида шакллантириб бориш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда муҳим омил эканлиги тушунтириб борилмоқда.
Дарҳақиқат, жамиятда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти тизимли равишда йўлга қўйилиб, давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик устувор бўлса, табиийки, фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланади. Гулистон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази ҳам ана шу тамойил асосида фаолият юритмоқда.
Чиндан ҳам, Марказлар фаолиятининг замонавий ахборот коммуникация технологиялари асосида йўлга қўйилгани анча қулайликлар яратмоқда. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳужжат алмашинуви ягона электрон тизим орқали амалга оширилаётгани масофадан ишлаш орқали ортиқча вақт ва қоғозбозликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Хулоса қилиб айтганда, янги ташкил қилинган Юридик хизмат кўрсатиш марказлари туман-шаҳар даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатиш, улар фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими