Янгиликлар
Адлия аралашгач, ходимнинг соғлиғига етказилган зарар пули тўланадиган бўлди
Касб касаллиги бўйича умрбод (муддатсиз) 2-гуруҳ ногирони деб топилган фуқаро Н.Абдухоликовга соғлиғига етказилган зарар пули ўзи ишлаган ташкилот – Боёвут тумани Дизенфекция станцияси томонидан тўлаб бориларди.
Бироқ, 2018 йилда мазкур ташкилот тугатилгандан сўнг Н. Абдухоликов соғлиғига етказилган зарар пулларини олмади. Йиллар давомида зарар пулини ундириш юзасидан ташкилотма-ташкилот юрди, аммо муаммоси ҳал бўлмади.
Шундан сўнг Боёвут туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Ушбу мурожаат бўлим иш юритувига олинди.
Аниқланишича, Боёвут туман давлат хизматлари марказининг 2018 йил 19 июль кунидаги 15-сонли қарорига кўра, Боёвут тумани дизенфекция станцияси Давлат реестридан чиқарилган. Тугатиш бошқарувчисининг маъсулиятсизлиги сабаб Н.Абдухоликовнинг касб касаллиги туфайли зарар пулларини олишга оид ҳужжатлар бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тақдим этилмаган. Оқибатда, 2018 йил июнь ойидан буён Н.Абдухоликов соғлиғига етказилган зарар пулларини олмаган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш” қоидаларининг 44-бандида “Меҳнат жароҳати учун жавобгар бўлган юридик шахс тугатилган тақдирда тугатиш комиссияси зарарни тўлаш суммасини бундан кейин тўлаш учун зарур суммани тугатилаётган юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жой бўйича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағлари жамланадиган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларининг махсус мақсадли бюджетдан ташқари ҳисоб рақамларига ўтказиши кераклиги белгиланган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 990-моддасига мувофиқ, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунга хилоф қарорлари натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар, улар мансабдор шахсларининг айбидан қатъи назар, суднинг қарори асосида қопланиши лозимлиги белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, туман адлия бўлими томонидан Н. Абдухоликов манфааатида фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Натижада даъво ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Боёвут туман бўлимидан фуқаро Н.Абдухоликовга ўтган давр мобайнида тўланиши лозим бўлган 19 878 180 (ўн тўққиз миллион саккиз юз етмиш саккиз минг бир юз саксон) сўм, шунингдек 2021 йилнинг август ойидан бошлаб қонунчиликда белгиланган тартибда зарар пулини тўлаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Атабек Холматов,
Боёвут туман адлия бўлими бошлиғи