Янгиликлар
Адлия аралашгач...
“Сирдарё таъмирлаш-тиклаш” давлат унитар корхонаси Сирдарё туман филиали ҳамда “Боёвутлик Исломбек транс” масъулияти чекланган жамияти 2019 йил 22 сентябрь куни капитал таъмирлаш ишларини бажариш бўйича субпудрат шартномасига асосан ҳуқуқий муносабатга киришган эди.
Шартномага кўра бош будратчи – “Сирдарё таъмирлаш-тиклаш” ДУКнинг буюртмасига асосан субпудратчи – “Боёвутлик Исломбек транс” МЧЖ томонидан Ховос туман "Кўкаламзор" кўчасидаги кўп қаватли уйларда 493 188 521 сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бош пудратчи суб пудратчининг ҳисоб рақамига 361 709 059 сўм пул маблағини ўтказиб берди. Бироқ, 2019 йил ноябрь ойидан буён қолган 131 479 462 сўм пул маблағи тўланмади.
“Боёвутлик Исломбек транс” МЧЖ томонидан “Сирдарё таъмирлаш-тиклаш” ДУК га қарздорликни тўлаб бериш тўғрисида юборилган талабнома оқибатсиз қолдирилди.
Шундан сўнг “Боёвутлик Исломбек транс”МЧЖ раҳбари қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўраб Боёвут туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида мурожаатчи шартнома шартлари ва лойиҳа смета ҳужжатларида назарда тутилган пудрат ишларни ўз муддатида бажарганлиги, ишлар натижасини бош пудратчига топширганлиги, бу ҳақда тарафлар ўртасида бажарилган ишларни қабул қилиш ва топшириш далолатномалари ҳамда бажарилган ишлар қиймати тўғрисида ҳисоб – фактуралар расмийлаштирилганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 673-моддасига кўра, буюртмачи бажарувчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди.
Юқоридагиларга кўра адлия бўлими томонидан Оқолтин туманлараро Иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, Сирдарё таъмирлаш-тиклаш” давлат унитар корхонасидан “Боёвутлик Исломбек транс” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 131 479 462 сўм асосий қарз, 3 000 000 сўм миқдорда пеня ундирилиши тўғрисида Оқолтин туманлараро Иқтисодий судининг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Атабек Халматов,
Боёвут туман адлия бўлими бошлиғи