Янгиликлар
“Сайлов тарғиботи ҳафталиги” давом этмоқда, навбатдаги манзил Гулистон тумани бўлди
“Сайлов тарғиботи ҳафталиги” давом этмоқда. Навбатдаги манзил Гулистон туманининг “Бирлашган” маҳалласи бўлди. Ўз номига монанд, аҳолиси бирлашган ушбу маҳаллада 2059 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1330 нафар фуқаро жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Тарғибот гуруҳининг аҳоли билан учрашуви давомида сайлов қонунчилиги кенг тарғиб қилинди. “Бир сайловчи - бир овоз” тамойилининг аҳамияти, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, сайлов бюллетенини тўлдириш, муддатидан олдин овоз бериш тартиблари батафсил тушунтирилди.
- Фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган мазкур ноанъанавий тарғибот тадбирига маҳалламиз аҳли зўр қизиқиш билан иштирок этаётгани, уларнинг сиёсий жараёнларга ҳам бефарқ эмаслигидан далолат беради, - дейди маҳалла раиси Файзулла Қудратов. Бу уларнинг сайловда фаол иштирок этишига ҳам туртки бўлиш билан бирга, ўзлари учун муносиб танловни амалга оширишига ёрдам беради.
Дарҳақиқат, сайлов – келажак учун муҳим танлов. Тарғибот гуруҳининг “Шарқ ҳақиқати” маҳалласига ташрифи мобайнида ҳам Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилиб, аҳоли сайловда фаол иштирок этишга чақирилди.
Айниқса, сайловда биринчи маротаба иштирок этадиган ёшлар мулоқот жараёнида ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар.
“Теракзор” маҳалласи туманнинг чекка ҳудудларидан бири. Тарғибот тадбирида аҳолининг уюшқоқлиги сезилиб турди. Учрашув давомида ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлиши, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайлаши мумкин эмаслиги хусусида кенг маълумотлар берилди.
Тадбирда Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Умурзоқова, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Р. Маҳмудов, Гулистон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ш.Исканов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Гулистон туман Кенгаши раиси Б.Бобоқулов маъруза билан иштирок этдилар.
“Сайлов тарғиботи ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар давом этади.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими