Янгиликлар
Адлия ташаббуси - "Сайлов тарғиботи ҳафталиги" доирасидаги тадбирлар Мирзаобод туманида
Ҳаётимиз давомида жуда кўп танловлар қиламиз, онгли танловларимиз натижалари бизни бахтли, фаровон қилади ёки аксинча. Худди шундай, мамлакат ҳаётида сайловлар жуда муҳим аҳамиятга эга ва улар юрт келажагини белгилайди. Шу боис сайловларда сайловларда фуқароларнинг фаол иштироки муҳим. Адлия бошқармасининг хайрли ташаббуси - “Сайлов тарғиботи ҳафталиги” доирасида вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларида, маҳаллаларда, давлат органлари ва ташкилотларда, аҳоли гавжум жойларда кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқдаки, бундан кўзланган мақсад бўлажак сайловда халқимизнинг фаол иштирок этишга, сиёсий жараёнда онгли муносабат, тўғри қарор қабул қилишга чорлашдан иборатдир.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бошқармаси, туман адлия бўлими, Мирзаобод туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Мирзаобод туман Кенгаши, Гулистон давлат университети масъулларидан таркиб топган тарғибот гуруҳи сайлов қонунчилигини кенг тарғиб қилиш мақсадида тумандаги “Баҳористон”, “Йўлдошобод”, “Навбаҳор”, “Т.Аҳмедов” маҳалларида бўлдилар.
Тарғиботчилар томонидан аҳоли билан маҳаллабай, кўчабай учрашувлар ташкил қилиниб, сайлов фуқароларнинг сайлов компаниясида иштирок этиш йўли билан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини амалга ошириш шакли эканлигини, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбир давомида сайлов кодекси, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, сайловнинг асосий принциплари, сайлов маданияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.
- Сайлов маданияти деганда, сайловчиларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайловларда фаол иштирок этиши, сайловда қатнашиш ва овоз бериш чоғида амалдаги қонунларга, ўрнатилган тартибларга амал қилиши, сайлов қатнашчиларининг бир-бирларини ҳурмат қилиши тушунилади, - деди Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Дилноз Умурзоқова
Шунингдек, тадбирларда, Мирзаобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Авазбек Сафаров, туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Шоҳиста Жумабоева сўзга чиқиб, сайлов қонунчилиги, ногиронлиги мавжуд бўлган фуқароларнинг сайловда иштироки, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов бюллетенини тўлдириш тартиби тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
- Саноқли кунлардан сўнг сайлов бўлиб ўтади. Биз давлат раҳбарини, етакчимизни сайлаймиз. Зиммамизда катта масъулият турибди, чунки бизнинг танловимиз оиламиз, фарзандларимиз келажаги, эртанги фаровон ҳаётимизни белгилайди, маҳалламиз аҳли билан сайловда фаол иштирок этиб, муносиб номзодга овоз берамиз, - дейди “Навбаҳор” маҳалласи “Нурли келажак” массивида истиқомат қилаётган нуроний отахон Сайдулла Маматқулов.
Учрашув мобайнида 82 ёшни қоралаган маҳалла фаоли Сайдулла Маматқулов маҳалладошларини фаолликка чорлаб, Она ватан, нурли истиқболни мадҳ этувчи шеърлардан ўқиб берди.
Шунингдек, тарғибот гуруҳи томонидан Мирзаобод туман туман кўп тармоқли поликлиникасида, туман давлат хизматлари марказида, 532-сафарбарлик чақируви резерви батальонида, савдо дўконлари ва аҳоли гавжум жойларда ҳам тадбирлар ташкил қилиниб, сайлов қонунчилиги кенг тарғиб қилинди.
“Сайлов тарғиботи ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом этади.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими