Янгиликлар
19
Адлия бошқармаси ташаббуси билан Мирзаобод туманидаги 532-сафарбарлик чақируви резерви батальонида тарғибот тадбири ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловга саноқли кунлар қолди. Шу боис ҳарбий хизматчиларнинг сиёсий билим даражасини юксалтириш мақсадида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Республика маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда Мирзаобод туманидаги 532-сон сафарбарлик чақируви резерви батальонида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Умурзоқова, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Авазбек Сафаров, Республика маънавият ва маърифат маркази Мирзаобод туман бўлими, туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази масъул ходимлари маъруза билан иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови халқаро сайлов стандартларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади. Сайлов кодексига мувофиқ овоз бериш сайлов куни маҳаллий вақт билан соат 8.00 да бошланиб, соат 20.00 да тугайди.
Учрашув мобайнида ҳуқуқшунос ва тарғиботчилар томонидан сайлов ҳуқуқининг принциплари, сайлов маданияти, ҳарбий хизматчиларнинг сайловдаги иштироки, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш масалалари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тартиблар ҳақида маълумотлар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими