Янгиликлар
Шартномавий муносабатларда ортиқча талаблар бекор қилинди
Шартнома томонларнинг ўзаро келишувини акс эттирувчи, ҳуқуқий муносабатларни шакллантирувчи ҳужжат бўлиб Фуқаролик кодексининг 353-моддасига кўра икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 354-моддасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг шартнома тузишда эркинлиги кафолатланган. Яъни, шартномага киришувчи шахслар ким билан, қанча, қачон шартнома тузишни, ўз эрки-иродаси асосида мустақил ҳал қиладилар.
Мазкур нормаларни янада мустаҳкамлаш, шартномалар тузишда ўрнатилаган айрим сунъий чекловларни олиб ташлаш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 14 сентябрида “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди.
Фармон билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришишда тўсиқ бўлиб турган бир қатор ортиқча талаблар бекор қилинди.
Масалан, Фуқаролик кодексида пул (валюта) фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатида эркин муомалада бўлиши белгиланган бўлсада, амалдаги қонунчиликда чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олиш бўйича шартнома расмийлаштиришга рухсат этилмаган эди. Фармон билан ушбу чекловлар олиб ташланди. Эндиликда, жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилади.
Шунингдек, 2021 йилнинг 1 декабридан банкларга етказилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида тўловни олдиндан белгилашга доир талаб, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир шартлар бекор қилинади.
2022 йил 1 январдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади.
Шунингдек, коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.
Бундан ташқари, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари маҳсулотлар олди-сотдиси амалга оширилаётганда ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда эскроу тизими жорий этилади. Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, харидор маълум товар учун пул маблағларини тўғридан тўғри сотувчига эмас, сақлаш учун учинчи шахсга – эскроу-агентга (масалан, электрон савдо майдончаси операторига) ўтказади. Харидорга товар етиб келиб, у шартномада белгиланган сифат ва талабларга мувофиқ эканига харидор ишонч ҳосил қилгач, ушбу пул маблағлар сотувчига ўтказилади. Шартнома шартлари бажарилмаганда эса, пул харидорга қайтариб берилади. Яъни эскроу харидор ва сотувчи ўртасида товар ва хизматлар сифатини ҳамда тўловни кафолатловчи вазифасини ўтайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратиш учун хизмат қилади.
Хилола Сулайманбекова,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси