Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

“Биз биргамиз” ижтимоий акцияси доирасида “Менинг овозим – ватан келажагига дахлдор” шиори остида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди


Нодавлат нотижорат ташкилотларни бирлаштириш, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқий, сиёсий билимларини ошириш, электорал маданиятини юксалтириш мақсадида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “Биз биргамиз” ижтимоий акцияси доирасида “Менинг овозим – ватан келажагига дахлдор” шиори остида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси Сирдарё вилоят бўлими, Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда дастлаб Сайлов кодекси, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди. Айниқса,  ногиронлиги бўлган шахслар учун сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун яратилган шароитлар, сайлов жараёнларида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ушбу маълумотларнинг сурдотаржимон ёрдамида реал вақт режимида жамоатчиликка етказилиши тадбирнинг савияли ва барчага бирдек тушунарли бўлишига хизмат қилди.

Таъкидланганидек, сайлов кодексининг бир қатор моддалари, хусусан, 31-моддада сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлиги, 55-моддада сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига бошқа шахсни таклиф қилиши, 56-моддада соғлиғининг ҳолатига кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчиларнинг улар турган жойда овоз бериш ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, сайлов жараёнларида барча учун тенг имкониятлар яратилганидан далолат беради.

-Мамлакатимизда барча фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқлари асослари ва самарали механизмлари тўла шакллантирилган. Бундай тадбирларни ўтказиш ногиронлиги бўлган шахсларда ватанга дахлдорлик, сайлов жараёнларида фаоллик, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига нисбатан масъулиятни янада оширади, - дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С. Тоғаев.

Акция доирасида тест саволлари орқали иштирокчиларнинг сайлов қонунчилигига доир билимлари синовдан ўтказилди.

Сирдарё вилоят юридик техникуми кўнгилли ўқувчиларидан таркиб топган “Адолат қанотлари” волонтёрлари томонидан ижро этилган ватанни мадҳ этувчи қўшиқ ва шеърлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Айниқса, имконияти чекланган, ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар томонидан намойиш қилинган ҳунармандчилик, зардўзлик, заргарлик, тикувчилик, рассомчилик кўргазмаси тадбирнинг ўзига хослигини таъминлади. Ҳар бир асар ўз сеҳри, ўз жозибаси билан иштирокчиларнинг диққатини тортди.

Энг муҳими, тадбир давомида нафақат сиёсий-ҳуқуқий билимлар оширилди, балки имконияти чекланган фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди, волонтёрлар томонидан сайлов қонунчилигига оид буклет ва флаерлар, ҳуқуқий қўлланмалар тарқатилди.

Акция якунида фаол иштирокчиларга адлия бошқармасининг ташаккурномаси топширилди. 


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими