Янгиликлар
22-сентябрь - Халқаро автомобилсиз кун!
Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшлар, аёллар ва кексаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, оммавий спортни инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий саломатлик асоси эканини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 22 сентябрь – Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинди.
Ушбу кун муносабати билан Сирдарё вилоят адлия бошқармаси, туман шаҳар адлия бўлимлари ходимлари шахсий намуна кўрсатиб, автомобиль ўрнига велосипеддан фойдаланишди, шунингдек ходимлар уйдан идорагача пиёда юриб келиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилдилар.
- Бугун автомобилда ҳаракатланишдан ихтиёрий равишда воз кечиб, 5 км масофани пиёда йўл босиб идорага етиб келдим. Пиёда юриш соғлик учун фойдали, айниқса ҳозирги пандемия шароитида албатта пиёда юриб туриш керак, - дейди Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари в.б. Адҳам Шайжигитов.
- Идорага велосипедда келдим. Тўғрисини айтсам, жисмонан чиниқдим, тоза ҳаводан тўйиб нафас олдим, кайфиятим ҳам аъло. Мазкур акция менга шижоат бағишлади, демак бугунги меҳнат фаолиятим янада унумли бўлади,- дейди Ховос туман адлия бўлими бошлиғи И. Қаюмов.
Ҳа, адлия ходимлари кунни ана шундай кўтаринки кайфиятда бошладилар.
Тадбир эрталабки бадантарбия машғулотлари билан давом этди.
Шунингдек, «Автомобилсиз кун» акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakursat, #avtomobilsizbirkun хештеглари оммалаштирилди, соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими