Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Интеллектуал мулк муҳофазаси кучайтирилади


Халқаро тажрибадан маълумки, интеллектуал мулк объектининг таъсирчан хуқуқий тизим билан ҳимоя қилиниши мамлакатга ташқи инвестицияларнинг кириб келишида муҳим омил ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ислоҳ қилиш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасидаги давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тизимига ўтказилиб, агентликнинг вазифа ва функциялари кенгайди. 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан тадбиркорлар хусусан, миллий экспорт қилувчилар, қишлоқ ҳўжалиги ва ҳунармандчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 августдаги “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари муайян нормалар билан тўлдирилди, интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси мустаҳамланди.

Хусусан, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунга янги нормалар киритилиб товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берилгандан сўнг Интеллектуал мулк агентлиги ушбу талабнома ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига бир иш куни ичида жойлаштириши белгиланди.

Шунингдек, 2006 йил 20 июлда қабул қилинган «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилиши натижасида, эндиликда муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг вафотидан кейин аввалгидек 50 йил эмас, 70 йил давомида амал қилади.

Муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиш ҳуқуқининг амалиётга татбиқ этилиши муаллифлик ва турдош ҳуқуқларнинг самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, интеллектуал мулк муҳофазаси ва ҳимоя тизимининг такомиллашиши муаллиф ўзи яратган интеллектуал мулкдан фойда олишини, даромад қилишини рағбатлантиради, натижада бу соҳа ривожланиб давлат ва жамият тараққий этади.


Дилноз Умурзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи