Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди


Бугун барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар янгидан-янги қонун ҳужжатларининг қабул қилинишини, мавжуд қонунлардаги айрим нормаларнинг замон талабларига мос равишда ўзгартирилишини тақазо қилади. Бу ҳолат дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган давлатларига бирдек дахлдор бўлиб, муайян соҳадаги муносабатларни янада ривожлантириш ва самарадорликка эришишни таъминлайди.

Хусусан, 2021 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан Жиноят кодексида бир нечта янги жиноий жавобгарлик турлари белгиланди.

Жумладан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланди.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиришга мувофиқ ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун йиғиш ҳамда тайёрлашнинг, шунингдек ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланишнинг белгиланган тартибини ҳамда шартларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун билан “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома – содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида суғурталовчига хабар бериш учун ҳодиса содир этилган жойда унда иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда тўлдириладиган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз тузилади.

Ҳайдовчилар томонидан хабарномани расмийлаштириш маъмурий жавобгарликка тортилишни истисно этувчи ҳолат этиб белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилган тақдирда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ва жамият тараққиётига, шунингдек, ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссини шаклланишига хизмат қилиши шубҳасиз.


Ҳилола Сулаймонбекова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси