Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Мен сайловда илк бор овоз бераман!


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбир бу йилги президентлик сайловида илк бор овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшларни ана шу шиор остида бирлаштирди.

Дастлаб Сирдарё вилояти юридик техникумида старт олган мазкур тадбир ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш, сайлов қонунчилиги бўйича кенг маълумотларга эга бўлиш имконини берди.
Тадбирда Адлия бошқармаси масъул ходимлари Д.Умурзоқова, Х.Сулаймонбекова, Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими ходими Б. Ғайбуллаева сўзга чиқиб, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар хусусида фикр-мулоҳаза билдирдилар.
Шундан сўнг, назарий билимлар амалиёт билан боғланди. Сайлов участкасига кириб келишдан тортиб, токи овоз беришгача бўлган жараён тартиб билан тушунтирилди. Бунда юридик техникум ўқитувчиси Синдор Аманйўлов, «Адолат қанотлари» тарғибот гуруҳи волонтёрларининг ҳиссаси катта бўлди.
«Мен сайловда илк бор овоз бераман» акцияси доирасидаги тадбир Гулистон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида давом этди. Мазкур мактаб 4-сайлов участкаси ҳисобланади. Бу ерда 2080 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан 45 нафари илк бор овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшларни ташкил қилади.
Тадбирга ушбу мактабни 2020 йилда тамомлаган, «Улуғ йўл» маҳалласида истиқомат қилаётган 18 ёшга тўлган ёшлар ҳамда битирувчи ўқувчилар қамраб олинди.
Тадбир давомида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид нормалар, Сайлов кодексига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайловларда иштирок этишлари учун яратилган имтиёзлар, сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштироки, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов бюллетенини тўлдириш тартиблари  батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, бу йилги сайловда илк маротаба овоз берадиган йигит-қизларнинг мазкур муҳим сиёсий жараён ҳақидаги тасаввури шакллантирилди. Сайлов қонунчилиги бўйича батафсил маълумотлар берилгач, ёшлар жараён иштирокчиси сифатида амалий тарзда ўзларини синаб кўрдилар.  
- Сайлов кодексининг 4-моддасида қайд этилганидек, сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов ҳуқуқига эгадир. Мен ҳам ўзимнинг конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда илк марта сайловда иштирок этаман ва бундан хурсандман, - дейди 4-умумтаълим мактабини 2020 йилда тамомлаган О. Содиқов.
- Мазкур таълим даргоҳини тамомлаб мустақил ҳаётга қадам қўйдим. Бўлажак сайловда қатнашиш орқали давлат раҳбарини танлашда сайловчилар қатори овоз беришим менга фуқаролик ғурурини бағишлайди, - дейди Р.Абдуназаров.
«Мен сайловда илк бор овоз бераман» шиори остидаги тадбир ана шундай таассуротларга бой бўлиб, ёшлар бўлажак сайловларга оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

«Адолат қанотлари» волонтёрлари томонидан ёш сайловчиларга тарғибот материаллари – сайлов қонунчилиги мазмун-моҳияти ифода топган буклет ва флаерлар тарқатилди.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими