Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

“Мустақиллик ҳуқуқ демакдир” мавзусидаги ижодий танлов ғолиблари тақдирландилар


Бугун мамлакатимизнинг барча жойларида юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан турли танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганлиги юртдошларимиз қалбига кўтаринкилик бағишлаб, шу муқаддас Ватандан, эришаётган ютуқларидан фахрланиш туйғуларини оширмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан эълон қилинган “Мустақиллик ҳуқуқ демакдир” мавзусидаги #online ижодий кўрик-танлов ҳам  ана шу жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди.

Мазкур танловга 40 дан зиёд ижодий иш намуналари (расм, шеър, видеоролик)лар  @sirdaryoadliya_tanlovbot телеграм бот орқали қабул қилинди.

Юборилган барча ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, холис баҳоланди.

Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин Боёвут туманидан фахрий педагог Абдуғаффор Жўраевга насиб этди. Гулистон шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Феруза Имомқулова 2-ўрин, Гулистон давлат университети талабаси Ёрқинжон Ҳайитбоев 3-ўринга муносиб деб топилди.

Бундан ташқари, мустақилликнинг моҳиятини теран англаб, эрк ва ҳуқуқ, юртга дахлдорлик ҳиссини ўз ижодий ишларида ёрқин акс эттира олган Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мутахассиси Шаҳриёр Ортиқбоев, Республика мусиқа ва санъат коллежи ўқувчиси Ригина Назарова, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби 7-синф ўқувчиси Дилноза Эшқулова энг фаол иштирокчилар сифатида эътироф этилдилар.

Бугун адлия бошқармасида танлов ғолибларини тақдирлаш мақсадида тадбир ташкил қилинди. Бошқарма бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов йиғилганларни байрам билан муборакбод этиб, Ўзбекистон кенг имкониятлар мамлакати эканлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, мустақиллик халқимизнинг асрий орзуси эди. Бугун озод ва обод диёрда эмин-эркин яшаяпмиз. Она ватан тинчлигини асраш, янада равнақ топиши учун астойдил меҳнат қилиш ҳар бир ўзбекистонлик учун шараф, масъулиятли бурч. Ушбу танлов мустақилликнинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш негизида аҳолининг Ватанга бўлган туйғусини янада юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадига қаратилганлиги тадбир давомида бот-бот айтиб ўтилди.

Тадбир ниҳоясида танлов ғолиблари ва фаол иштирокчиларга адлия бошқармасининг диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими