Янгиликлар
Президент “Янги Ўзбекистон” газетасидаги интервьюсида ҳуқуқ соҳаси ҳақида қандай фикр билдирди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга интервью берди.
Ушбу интервью суҳбатда Ўзбекистоннинг охирги 5 йилликдаги ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсати, ҳозирги кундаги устувор вазифалар ҳақидаги сўз боради.
Интервью суҳбатда давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланган мамлакатимиз ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ва қилиниши керак бўлган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳиятини Адлия вазирлиги тизимидаги ходимларга етказиш мақсадида 2021 йил 18 август куни давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Адлия вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон МТРК сиёсий шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ЮНЕСКО академиги Қобилбек Каримбеков, профессор ўқитувчилар ва вазирлик ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланишича, давлат Раҳбари билан бўлган интервью суҳбатда Ўзбекистоннинг охирги 5 йилликдаги ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсати, ҳозирги кундаги устувор вазифалар ҳақидаги сўз борган.
Хусусан, Давлат раҳбари томонидан суҳбат давомида мамлакатимиздаги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт” каби содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиққан ҳолда олиб борилаётганлигини таъкидланди.
Шунингдек, Президент “ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйганмиз” — дея айтиб ўтди.
“Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.
Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир” — дея алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Президент Ўзбекистон фуқаролари жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётганлигига ҳам тўхталиб ўтди.
Давлат раҳбари суҳбат давомида ҳозирги кундаги ташқи сиёсат масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш лозимлигини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатда ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг асосий хорижий шериклари ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалари янада кенгаяётганлиги айтиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдор эканлигини ҳам таъкидлади.
Тадбир давомида давлат раҳбарининг интервью суҳбатида келтирилган ҳуқуқ соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва келажакда вазифаларда адлия органларининг аҳамияти қанчалик муҳим эканлиги вазирлик ходимларига атрофлича етказилди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими