Янгиликлар
Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодларнинг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий билимлари оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 23-моддасида белгиланганидек, Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Сирдарё вилоятида участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодларнинг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий билимлари оширилмоқда.
Белгиланган жадвал асосида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ташкил қилинаётган ўқув семинарларида Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилиб, мулоқотлар жараёнида участка сайлов комиссиясининг ваколатлари, сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар, сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш каби вазифалари хусусида кенг маълумотлар берилмоқда.
Жойларда бу каби ўқув-семинарлари давом этмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими