Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди


Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва ташкилотларида қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, лицензиялаш ва рухсат бериш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш ҳамда мазкур соҳага оид талаблар ва шартларга риоя этилишини текшириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

 Қонун билан 49 та лицензиялар, 121 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 33 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланиб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилмаган янги тартиб-таомиллар турини жорий этиш тақиқланди.

Эндиликда, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш ва улар билан боғлиқ бошқа тартиблар барча учун очиқ бўлган “Лицензия” ахборот тизими (махсус электрон тизим) орқали амалга оширилади, шунингдек, юридик шахслар филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензиялар ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

 Лицензиялар, рухсат бериш ҳужжати ва хабарномалар реестрлари фаолият тури бўйича алоҳида-алоҳида махсус электрон тизимда очиқ электрон шаклда юритилиб, реестрда лицензияларни чақириб олиш асослари ва саналари, фаолиятни хабардор қилиш тартиби асосида амалга оширишга доир тақиқнинг қолган муддати ва бошқа маълумотлар акс эттирилади.

 Лицензия фаолиятнинг ҳар бир лицензияланадиган тури учун алоҳида берилади. Лицензия берилган фаолият тури фақат лицензия олган жисмоний ёки юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Мазкур Қонун билан 121 та фаолият тури рухсат бериш ҳужжатларини олиш талаб этиладиган фаолият турлари сифатида қайд этилиб, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати чекланмаслиги белгиланди.(қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно)

Лицензия ёки рухсатномаларни беришга оид аризалар, уларга илова қилинган ҳужжатлар махсус электрон тизим ёки ЯИДХП орқали қабул қилинади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини текшириш махсус электрон тизим ёрдамида масофавий назорат, фаолиятни жойига чиққан ҳолда текшириш, фаолиятга оид статистик ахборот ва улардан сўраб олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали “хавфни таҳлил этиш” тизими ва жамоатчилик мурожаатлари асосида амалга оширилади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилишга доир тартиб-таомилларнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши давлат бюджетидан сарфланадиган салмоқли миқдордаги маблағларини иқтисод қилиш баробарида фуқароларни ортиқча оворагарчиликдан халос қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшиги очилишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, соҳадаги эскирган, амалда тарқоқ ҳолда бўлган қонунчилик ҳужжатларини бекор қилиш ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидаларни белгилашга қаратилган, хорижий илғор тажриба асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лицензиялаш, рухсат бериш ва хабордор қилишга доир муносабатларни янги босқичга олиб чиқади.

 

Д. Умурзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи