Янгиликлар
“Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун имзоланди
Давлат органлари бошқарувида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, президент хавфсизлиги хизматининг ваколатларини янада аниқлаштириш ҳамда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни очиқлаш мақсадида жорий йилнинг 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Мазкур ҳужжатга кўра, Президент давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ҳамда ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан мустақил тарзда олиб боради. Президент давлат хавфсизлик хизматига Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади. Президент давлат хавфсизлик хизмати махсус ваколатли орган ҳисобланиб қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий , ташкилий, қўриқлаш, тезкор-қидирув ва бошқа тадбирлар мажмуини амалга оширади. Президент давлат хавфсизлик хизмати бевосита Президентга бўйсунади ва унга ҳисобдордир.
Қонунда ПДХХ томонидан қўриқланадиган шахслар доираси аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, улар жумласига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва унинг оила аъзолари;
Ўзбекистон Республикасининг собиқ Президенти ва унинг бутун ҳаёти даврида оила аъзолари;
янги сайланган Ўзбекистон Республикасининг Президенти лавозимига киришгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифаларини ва ваколатларини бажарувчи шахс;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ва чет давлатларнинг тегишли ваколатли давлат органлари ўртасидаги битимларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган вақтида чет давлатларнинг, ҳукуматларнинг, парламентларнинг, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, чет давлатларнинг бошқа сиёсий ва жамоат арбоблари, шунингдек уларга ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига мувофиқ қўриқланиши лозим бўлган бошқа шахс.
Шунингдек, Қонун Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини асосий йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланадиган шахслар ва объектлар, ПДХХ ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатиш, совуқ ва ўқ отар қуролларни қўллаш шартлари ва бошқа муносабатларни тартибга солади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ушбу қонун Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, амалдаги қонун ҳужжатлари ва юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглик касб этишда муҳим роль ўйнайди.
У. Бакиров, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи