Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАРКАЗЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Сирдарё туман ҳокимлигида ташкил этилган семинарда мазкур қарор мазмун-моҳияти муҳокамалар марказида бўлди.

Тадбирда сўзга чиққанлар марказларнинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, марказлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот бердилар.

Таъкидланганидек, ҳужжатга асосан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида 1 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилиб, бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирликлари ажратилади.

Эътиборлиси, давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи "Е-huquqshunos" электрон тизими босқичма-босқич жорий этилади.

- Сирдарё вилоятида 11 та туман (шаҳар)ларда 41 та штат бирлигида марказлар ташкил этилади. Марказларда Марказ бошлиғи ҳамда бош юрисконсульт штат бирликлари жорий этилади. Уларда олий юридик маълумотга эга бўлган ёки ТДЮУ ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин. Марказ бошлиғи лавозимига юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади, - дейди Адлия бошқармаси Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош маслаҳатчиси Ҳайитбой Сайитов. - Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳузурида янги ташкил қилинадиган Юридик хизмат кўрсатиш марказларига номзодлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Ҳуқуқий тарғибот тадбирида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа ходимлари томонидан жавоблар берилди. 


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими