Янгиликлар
Адлия бошқармаси ҳамда вилоят суди ҳамкорлигида «Уч авлод» учрашуви ташкил этилди
Катта авлод айтиш мумкинки, тажриба, сабоқ, ибрат, ўрнак ва намуна мактабидир. Ўрта ва кичик авлод билан учрашувларда, одатда самимият ва маслаҳатлар устуворлик қилади. Шу аснода хулосалар қилинади, бой тажрибалар орттирилади. Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳамда вилоят суди ҳамкорлигида ташкил этилган «Уч авлод» учрашуви ана шундай эзгу мақсадлар учун хизмат қилди.
Тадбирга узоқ йиллар суд, адлия тизимида фаолият юритган фахрий ҳуқуқшунослар таклиф этилди.
Шунингдек, тадбирда ҳозирги вақтда суд ҳамда адлия органларида фаолият юритаётган ёш ходимлар, юридик техникум ўқувчилари иштирок этдилар.
Дастлаб фахрийлар тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг учрашув давра суҳбати шаклида давом этди.
Тадбирда вилоят суди раиси ўринбосари Бобошер Қурбанов, Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сафарбой Тоғаев сўзга чиқиб, фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибаси, суд-ҳуқуқ соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Сўзга чиққанлар суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб, ёш авлод бугунги шарт-шароитлар, қулайликлардан унумли фойдаланган ҳолда чуқур билим эгаллаши, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшиш учун ўқиб-изланиши лозимлиги таъкидланди.
- Узоқ йиллар суд соҳасида фаолият юритдим. Касбимдан фахрланиш ҳисси мени ҳали тарк этгани йўқ. Бу даргоҳга кириб келар эканман, фаолиятим билан боғлиқ хотиралар кўз олдимдан бирма-бир ўта бошлади, - дейди фахрий устоз Миршариф Мелиев.
- Ҳуқуқшунослик нозик касб. Фаолиятим давомида суд, нотариат соҳасида ишладим. Нотариал ҳаракатларни амалга оширар эканман, инсонларни рози қилиш, уларга ҳуқуқий кўмак беришни асосий мақсадим деб билдим, ҳамиша адолат тарозини тенг ушлашга ҳаракат қилдим, - дейди нотариус Ойгул Зокирова.
Ана шундай самимий руҳда ўтган мулоқот жараёнида фахрий устозлар Мастура Эминова, Шавкат Ниёзов, Алижон Артиковлар ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Бир сўз билан айтганда, “Уч авлод учрашуви” таассуротларга бой бўлиб, ёшларни юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш, ҳуқуқшунослик касбига меҳр уйғотишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тадбир сўнггида фахрийларга эҳтиром кўрсатилди, уларга совғалар улашилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими