Янгиликлар
Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади
Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Хусусан, Адлия вазирлиги тизимида Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида синов тариқасида 23 та давлат органи ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларига юридик хизматлар кўрсатувчи марказлар фаолияти йўлга қўйилиб, ўзининг ижобий самарасини кўрсатди.
Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борада ҳуқуқий асос бўлди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур қарор мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида жойларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Гулистон туман маданият уйида ташкил этилган тадбирда мавзу доирасида сўз борди.
Таъкидланганидек, юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, давлат ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш Марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Семинарда Марказларнинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, Марказларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, Марказлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
- Туман (шаҳар)ларда юридик хизмат марказларининг ташкил қилиниши соҳага тажрибали кадрларни жалб қилиш, ҳужжатлар лойиҳаларининг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш сифатини оширишга хизмат қилади,- дейди адлия бошқармаси масъул ходими Ҳ. Сайитов.
Тадбир қизғин баҳс ва мунозарага бой бўлиб, мавзу юзасидан берилган саволларга соҳа вакиллари томонидан батафсил жавоблар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими