Янгиликлар
Сайлов қонунчилиги кенг тарғиб қилинмоқда
Жорий йилнинг 24 октябрида ўтказилиши кутилаётган Президентлик сайловида аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, фуқаролик позицияси намоён бўлади.
Сайлов қонунчилигига оид янгиликларни тушунтириш мақсадида Сирдарё туман адлия бўлими томонидан меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда, таълим муассасаларида, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
АТ Халқ банки Сирдарё шаҳар филиалида ташкил этилган навбатдаги тадбир сайлов қонунчилиги, Сайлов кодексига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилди.
Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хусусида сўз юритилди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа вакиллари томонидан атрофлича жавоблар берилиб, мавзуга доир флаер ва буклетлар тарқатилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими