Янгиликлар
Савол: Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман. Ёшим 25да. Сентябрда икки ой муддатга хизмат сафари билан Россияга кетяпман. Октябрь ойида мамлакатимизда ўтказиладиган Президент сайловларида овоз беришда иштирок этмоқчи эдим.
Савол: Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман. Ёшим 25да. Сентябрда икки ой муддатга хизмат сафари билан Россияга кетяпман. Октябрь ойида мамлакатимизда ўтказиладиган Президент сайловларида овоз беришда иштирок этмоқчи эдим. Чет давлатда туриб ҳам мазкур сайловда овоз беришим мумкинми?
Д. Юлдашев, Ширин шаҳри
Жавоб: Албатта, мумкин. Давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Конституциявий ҳуқуқи бўлиб, сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси 271-моддасида чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш тартиби белгиланган бўлиб, чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.
Демак, сайлов вақтида қайси давлатда бўлсангиз, ўша давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига сайловчилар рўйхатига киритиш масаласида мурожаат қилиш орқали сайловда иштирок этишингиз мумкин.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлими етакчи маслаҳатчиси Л. Мамаджонова жавоб берди.