Янгиликлар
Очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик демократиянинг устувор мезони
Мамалакатимизда қабул қилинаётган ҳар қандай қонунчилик ҳужжати давлат ва жамият манфаатларини ифодалаш, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, Ўзбекистоннинг мавқеини халқаро миқёсда юксалтириш мақсадини кўзлайди.
Таъкидлаш керакки, юртимизда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш орқали коррупцион хавф-хатарни кескин камайтириш, шунингдек, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқариш, бу борада қонунчилик механизмларини такомиллаштириш бўйича изчил, босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони фуқароларнинг давлат хокимияти ва бошқаруви органлари тўғрисида объектив, тезкор, ҳолис, хаққоний ахборот олишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ушбу Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, мазкур ҳужжат билан халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланди.
Эндиликда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд, прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда унитар корхоналар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштиради ва уни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради.
Натижада фуқароларимиз давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилган давлат харидлари, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари тўғрисида асосли маълумотга эга бўладилар.
Фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонун талабларини мунтазам равишда бажаришини таъминловчи яхлит тизим ишга туширилиб, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан яқиндан танишиш, улар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконияти яратилади.
Бу ислоҳотларнинг барчаси одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳ. Сулайманбекова,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси