Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Коррупция — тубсиз жарлик


 Коррупцияга қарши курашиш дунё миқёсида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бундай салбий иллатга қарши курашиш учун қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларда коррупцияга қарши тоқатсизлик муҳитини шакллантириш зарурияти туғилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш, коррупцион хавф-хатарнинг олдини олиш мақсадида мутлақо янги тизим йўлга қўйилди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади. Реестрга киритилган шахслар давлат хизматига қабул қилиниши, давлат мукофотлари билан тақдирланиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи сифатида қатнашиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши тақиқланади.

Мазкур ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулки мажбурий декларация қилинади, давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан барча давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, давлат ташкилотлари ҳамда вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши, давлат харидлари соҳасидаги тендерлар натижалари очиқ эълон қилиниши белгилаб қўйилди.

Қарорга мувофиқ эндиликда давлат маблағлари ҳисобига қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган танловлар “Шаффоф қурилиш” тизими орқали амалга оширилиши, автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар “SHAFFOF YO‛L” платформасига жойлаштирилиши, давлат хизматчилари “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида мунтазам коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилиши йўлга қўйилади.

Бу ислоҳотларнинг барчаси очиқлик ва ошкораликни таъминлашга, фуқароларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини яратишга, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларида ҳисобдорлик ҳиссини шакллантиришга, коррупцион хавф-хатарнинг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор коррупционерлар рўйхатининг очиқланиши, мазкур рўйхатга кирган шахсларнинг муайян ҳуқуқлардан маҳрум этилиши фуқароларимизни хизмат ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш— тубсиз жарликка элтувчи йўл эканлигига ишора қилувчи сигнал вазифасини ўтайди.

 

А. Шайжигитов,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари в.б.