Янгиликлар
Коррупция - тараққиётга таҳдид
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш бугун ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулиятни ҳис этиши лозим.
Ширин шаҳар адлия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлимида ташкил этилган давра суҳбатида мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда сўз олган адлия бўлими бош маслаҳатчиси Бекзод Ғайбуллаев дастлаб “коррупция” сўзининг моҳиятига урғу бериб, у мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият ваколатларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият эканлигини иштирокчиларга тушунтириб ўтди.
- Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди. Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида яқинда қабул қилинган Фармон бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлди, - дейди Б.Ғайбуллаев.
Дарҳақиқат, коррупцияга оид омилларга чек қўйишда очиқлик ва шаффофлик зарур. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
Хулоса ўрнида айтганда, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақини, унинг гуллаб яшнаб, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро бу иллатдан халос бўлиши, Президентимиз таъбирлари билан айтганда, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши лозим.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими