Янгиликлар
Коррупцияга ўрин йўқ
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Мамлакатимиз мустақилликка эришганига яқинда 30 йил тўлади. Айнан шунча йилдан буён юртимизда коррупция деган иллатга қарши курашиш долзарб масалалардан асосийси бўлиб келмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак”.
Бунинг учун эса аввало барча соҳа вакиллари, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ошириш талаб этилади.
Айнан шу мақсадда, Сирдарё вилоятида адлия бошқармасининг ташаббуси билан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, адлия бошқармаси Янгиер шаҳар адлия бўлими билан ҳамкорликда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш шаҳар бўлими ходимлари, шаҳардаги 12 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари учун ташкил этилган семинар – Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг жорий йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тушунтириш мавзусига қаратилди.
Қонунчилик нормалари реал ҳаётда ўз самарасини тўлақонли ифода этиши, содда қилиб айтганда, қонун амалда ишлаши учун ҳар бир фуқаро ўзининг мустаҳкам позициясига эга бўлиши лозим.
Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти ХУФЁНА иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир.
Кўп ҳолларда “коррупция” деганда давлат хизматчилари томонидан ўз шахсий манфаати йўлида, моддий бойлик орттириш мақсадида бирор бир шахсдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Лекин шу ўринда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, фақат порага пул эмас, балки, бошқа бирор нарса эвазига маълум хизматини амалга ошириб ҳам бу жиноят содир этиши мумкин.
– “Коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатиб, лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан, – дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов. – Ҳуқуқ энциклопедияси муаллифларининг таъкидлашича, “коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир.
Дарҳақиқат, коррупция илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодисадир. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан далолат беради.
– Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади, – дейди вилоят адлия бошқармаси ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Шомирзаев. – Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррар.
Одатда, оддий ҳол ёки арзимас ҳолат деб қаралган майда ҳуқуқбузарликлар ҳам келгусида коррупциянинг жамиятда ривожи, унинг кенг ёйилишига хизмат қилиши муқаррарлигини бугун ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
– Коррупцияга қарши курашиш тадбирларини вилоятдаги бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан, ҳар бир соҳа вакиллари билан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга кўра тузилган жадвал асосида ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Дилноз Умурзоқова. – Вилоятимизда ҳам жиноятчилик сабабларини аниқлаш чоралари кўрилиб, фош этилган коррупцияга дахлдорлар қаттиқ жазоланмоқда.
Мамлакатимизда коррупция жинояти давлат томонидан қаттиқ назорат қилиб борилмоқда. Жиноятчилик кенг авж олиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирлар ишга солинаётир ва улар жиноятчиликка қарши кураш стратегиясини белгилаб бермоқда.
Коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бундай маънавий бузилиш ҳолатига қарши курашда нафақат давлат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки, кенг жамоатчилик ва умуман барча фуқаролар масъул эканлигини ҳис қилиши лозим. Ана шундагина мамлакатимиздаги ҳар бир соҳа – коррупциясиз соҳага айланиши шубҳасиз.
А.Қаюмов, ЎзА