Янгиликлар
Янгиер шаҳрида “Фермерга мадад” акцияси доирасида тадбир ташкил қилинди
Фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши аҳволини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ҳуқуқий ечим топиш, фермерлик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш орқали фермерларниниг мавқеини ошириш мақсадида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси доирасида Сирдарё вилоятида мунтазам тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда.
Янгиер шаҳар адлия бўлими томонидан "Ғани Ота" фермер хўжалигида ташкил этилган тадбирда фермерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ер, солиқ, меҳнат, шартномавий-ҳуқуқий ва бошқа муносабатлар бўйича қонунчилик талаблари, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этишнинг афзалликлари борасида тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, @fermermadadbot боти орқали фермер хўжалиги раҳбарлари ва ишчиларининг мурожаатлари электрон шаклда қабул қилиниб ўрганилиши ҳамда фермерларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилиши юзасидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш ваколати бекор бўлганлиги тўғрисида сўз юритилди.
Акция доирасида бу каби учрашув ва мулоқотлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими