Янгиликлар
“Сайлов–2021: Ўз келажагинг учун овоз бер” шиори остида маҳаллаларда тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Йилдан йилга такомиллашиб бораётган сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг электорал маданиятини ошириш, ушбу сиёсий жараёнларда сайловчиларнинг шахсан иштирокини таъминлаш борасида Сирдарё вилоятида ташкилотлар, маҳаллалар ва қишлоқлар кесимида мунтазам равишда тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Хусусан, Сардоба туман адлия бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда “Қуйитош” ва “Файзлиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ходимларига сайлов қонунчилиги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди.
Мулоқот давомида иштирокчиларга президентлик сайловининг ўзига хос хусусиятлари, сайлов бюллитенини тўлдириш, сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби, айрим сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмайдиган фуқароларга яратилган шарт-шароитлар хусусида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 5 июлдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни хусусида атрофлича сўз юритилиб, фуқаролар динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмаслиги, вояга етмаганларни уларнинг хоҳиш-иродасига, ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг хоҳиш-иродасига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этишга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
Мулоқот давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилиб, мавзуга доир флаер ва буклетлар тарқатилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими