Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

Диёримизда дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик азалий қадриятга айлансин


Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Ана шу маънода, миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун кенг шароитлар яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, 140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар самарали фаолият юритмоқда.

Миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида барча ҳудудларда "Дўстлик уйлари" барпо этилаётир. Айни пайтда миллий маданият марказлари жойлардаги бўлимларининг, у ерда ишлаётган фидойи инсонларнинг меҳнати эътибордан четда қолмаяпти.

Бу борада Сирдарё вилоятида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сонли Фармони ижроси юзасидан Сирдарё вилоят ҳокимининг  2019 йил 15 августдаги 204-сонли қарори асосида Гулистон шаҳар “Тараққиёт” маҳалласида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” ташкил этилди.

Бинонинг биринчи қавати 2019 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган 327 млн. сўм маблағ ҳисобига капитал таъмирланди. Бугунги кунда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да 13 ННТ (5 та миллий маданий марказ ва 8 та ННТ) ўз фаолиятини юритмоқда.

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да жойлашган 5 та миллий маданий марказга ва 2 та ННТга 2020 йилнинг март ойида моддий-техник жиҳозлари топширилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказларнинг барчасига алоҳида телевизорлар тақдим қилинди.

Кенг жамоатчилик орасида бағрикенглик ва инсонпарварлик, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Адлия бошқармаси ҳамда миллий-маданий марказлар билан ҳамкорликда 10 дан ортиқ турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинди.

Хусусан, 30 июль - Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Гулистон шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида ҳам Миллий маданий марказларнинг бадиий жамоалари миллий куй-қўшиқ ва рақслари, қадрият ва анъаналарини намоён этиш орқали истиқлолни улуғладилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати. Энг катта бойлигимиз эса турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган байрам табригида ҳам мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ислоҳот ва янгиланишлар йўлидан изчил илгарилаб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда ҳамжиҳат бўлишдек эзгу мақсадлар илгари сурилди.

Истагим, диёримизда дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик азалий қадриятга айлансин, жамиятимиздаги тинчлик, барқарорлик ва фуқаролараро тотувлик абадий бўлсин!

С.Тоғаев,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари