Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Муаллифлик ҳуқуқига доир муносабатлар ва уларнинг тартибга солиниши


 Инсоният тарихида китоб босишнинг ихтиро қилиниши билан ушбу китобларда баён қилинган матнларни муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилишга эхтиёж юзага келди. Ҳуқуқшунослик асарларида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган илк қонунчилик ҳужжати намунаси сифатида 1710 йилда қабул қилинган Англия қироличаси Анна статутларини мисол қилиб келтиришади.

Францияда 1791 йил қабул қилинган Декретга асосан муаллифлик ҳуқуқлари муаллифнинг вафотидан кейин ҳам унинг ворисларига нисбатан жорий қилинадиган ҳуқуқ сифатида эътироф этилди.

XIX асрнинг охирларига келиб саноат-техника тараққиёти жадал суръатларда ривожланиб бориши, бу билан асарларни чоп этилиши катта иқтисодий фойда келтира бошлаганлиги, халқаро миқёсларда илмий-техникавий бозор вужудга келгани ҳамда  турли мамлакатларда бу соҳага доир қонунларни тартибга солиш зарурати вужудга келиши натижасида 1886 йил 9 сентябрда Халқаро Берн Конвенцияси қабул қилиндики, бу билан халқаро тоифада муаллифлик ҳуқуқига оид муносабатлар тартиби ўрнатилди. 1967 йил 14 июлда Стокгольмда қабул қилинган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотини таъсис этиш ҳақидаги Конвенцияда интеллектуал мулк ҳуқуқи объектлари доираси белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги муаллифлик ҳуқуқини ўзи ичига олувчи интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувга ваколатли органи ҳисобланади.

Мамлакатимизда бугунги кунда муаллифлик ҳуқуқига оид муносабатлар 2006 йил 20 июлда қабул қилинган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиб келинади.

Ушбу қонунчиликка кўра ижодий меҳнати билан асар яратган жисмоний шахс муаллиф сифатида эътироф этилиши белгилаб қўйилган. Фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратилиши билан юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Табиийки, асарнинг асл нусхасида ёки нусхасида муаллиф сифатида кўрсатилган шахс асар муаллифи ҳисобланади. Агарда асар имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган бўлса, асарни чоп этган, асарда исми-шарифи ёки номи кўрсатилган ношир, муаллифнинг вакили ҳисобланади ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади.

Қонунда муаллифнинг бир қатор шахсий номулкий ҳуқуқлари санаб ўтилган бўлиб, булар:

асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи (муаллифлик ҳуқуқи);

муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ - асардан муаллифнинг ҳақиқий исми-шарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёки кўрсатмасдан тақдим этиши;

асарни ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ - асарни ҳар қандай шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш ҳуқуқи;

муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи - асарни, шу жумладан унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи.

Асардан муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган ҳолда ҳамда муаллифнинг қонуний манфаатларига зарар етказмаслик шарти билан эркин фойдаланишга йўл қўйиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин эллик йил давомида амал қилади. Тахаллус остида ёки имзосиз қонуний ошкор қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар ошкор қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.

Шунингдек, муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ ва муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи чекланмаган муддатда муҳофаза қилинади.

Бир неча муаллифларнинг ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ушбу ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.

Муаллифнинг вафотидан кейин биринчи марта эълон қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар эълон қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.

Муаллифнинг меросхўрлари бўлмаган тақдирда, унинг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш махсус ваколатли давлат органи зиммасига юкланади.

Асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатининг тугаши уларнинг ижтимоий мулкка айланишини билдиради.

Ижтимоий мулк бўлган асарлардан ҳар қандай шахс муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларига риоя этилиши керак.


Акбар Аҳроров,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси