Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

АДЛИЯ БОШҚАРМАСИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Сафарбой Тоғаев, вилоят ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибият мудири Валижон Тўйчиев, Исо ўғли Мусо масжиди бош имом хатиби Авазхон Жалолов, Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зулфия Неъматова, шунингдек, тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида дастлаб адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев сўзга чиқиб, ушбу янги таҳрирдаги қонунни қабул қилиш мақсади ва вазифалари, ўрнатилаётган янги тартиблар ва кутилаётган натижалар бўйича батафсил тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонунда мавжуд ортиқча тартиб-таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларига чек қўйишга қаратилган қатъий нормалар ўз аксини топган.

Шунингдек, Қонун билан шахсларнинг виждон эркинлигини тўлиқ таъминлаш ва диний ташкилотлар фаолиятига кўмаклашиш масаласида муҳим енгилликлар назарда тутилди.
Жумладан, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиладиган ташаббускорларнинг сони икки баробарга, яъни 100 нафардан 50 нафарга камайтирилди, диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилганидан адлия органига давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида мурожаат қилишгача бўлган муддат эса икки карра, 3 ойдан 6 ойгача узайтирилди, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ барча хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди, адлия органига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқарди, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг муддати уч баробар қисқартирилди, яъни 3 ойдан қатъий 1 ойга туширилди, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланди. Бундан буён Қонунда кўрсатилган асослардан бошқа сабаблар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
 Матбуот анжуманида виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилиб,  конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳамда ушбу принциплар мазкур Қонун билан мустаҳкамланганлиги алоҳида таъкидланди.

Матбуот анжуманида диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, диннинг асл моҳиятини англаш, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан тегишли жавоблар берилди.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими