Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

"Оммавий маданият" миллий қадриятларимизга соя солмасин


  “Авваламбор, «оммавий маданият» кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало қазолардан ёшларимизни асраш, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”

  Ўзбекистон Республикаси Президенти

 Шавкат Мирзиёев

 

       Оммавий маданият нима ўзи?

«Оммавий маданият» ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни ғарбда «популяр» ёки қисқартирилган ҳолда, «поп-культура» (яъни «оммавий маданият») деб аташади. Гарчи «маданият» деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсадга кўра «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳали илм-фанда «антикультура» («ғайримаданият») деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун «оммавий маданият» тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, «оммавий маданият», аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир. “Оммавий маданият” асосини маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ташкил қилади, холос.

Албатта, бундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар ҳаётга фақат бир томонлама боқадиган, енгил ҳаётга интилувчан бўлиб вояга етишади. Бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик, фақат ўз манфаати учун ҳаракат қилиш каби иллатларни ривожланишига сабаб бўлади.

Сўнги пайтларда юртимизга четдан кириб келаётган ахборот оқими натижасида нафақат янгиликлардан хабардор бўлаяпмиз, балки уларда яширинган, менталитетимиз, қадриятларимизга зид ғояларга ҳам дуч келаяпмиз. “Оммавий маданият” санъатимизга, кийиниш маданиятимизга, тарбиямизга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Глобаллашув жараёнлари оммавий маданиятни жадаллаштирмоқда. Бу ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик, фаҳш, зўрлик ғояларини тарқатиш, бошқа халқларнинг асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий анъана ва қадриятларига   ҳурматсизлик, беписандлик, уларни йўқ қилишга қаратилган таҳдидлар ҳар қандай маънавияти тўкис кишини ташвишга солмай қўймайди.

 Бугунги дунёнинг маънавий қиёфасига назар ташласак аҳлоқсизликни, маданиятсизликни, маънавиятсизликни эркинлик деб билиш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар маънавий ҳаётга, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда.

Хусусан, кечагина одамларнинг кулгусига сабаб бўлган антиқа кийимларни бугун ўзимизнинг миллий либосларимизга алмаштириб юбораётган ёшлар ёки телевидение орқали намойиш этилиб, оила катталарининг жиддий эътирозига сабаб бўлган сериаллар бугун оммавий ҳолатда кўриладиган кинолар қаторига кириб қолганлиги бизнинг ўзбекона ҳаётга мутлақо бегона.

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига, камолотига эътибор кучайтирилди. Бугун ўз иқтидори, истеъдоди билан дунёни лол қолдираётган ёшлар талайгина, бироқ, ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига айрим ёшлар турли "GAME CLUB”ларда ўз вақтини ўтказаётгани, айниқса ачинарли ҳолдир. Афсуски, бу ҳам "оммавий маданият"нинг бир кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.

 Нима учун “Оммавий маданият”ни ниқоб деймиз?

– Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, миллий анъана ҳамда қадриятларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Бугун ёшларимиз ўзига хос “тушунчалар уруши” шароитида яшамоқдалар. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда.

 Миллий-маънавий маданиятимиз ва диний қадриятларимиз мазмун-моҳиятан жуда гўзал. Бу миллий маданиятимиздан бегона руҳиятда вояга етадиган ёшлар табиий равишда турли ёт кучлар қурбонига айланмоқдалар. Бизнинг миллий маданиятимизда ҳаё, андиша, ибо каби ахлоқий фазилатларга қатъий равишда амал қилиниб келинади. “Оммавий маданият” айнан миллий қадриятимиз асоси бўлган ҳаё, андиша, оқибат, меҳр-муҳаббат каби гўзал ахлоқий қадриятларимизга қарши бўлган ахлоқсизлик ва ёвузликни ўзида акс эттирган ҳаракатдир.

– Бундай тушунчаларга барҳам бериш учун нималар қилиш керак?

Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.

Одатда, оналар ўз болаларининг хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қиладилар. Айтсам уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган  хатолари, қўл урган майда-чуйда жиноятларини отасига ўз вақтида айтмайдилар. Натижада, бола ўз вақтида танбеҳ олмаганидан кейин бора-бора каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қилаверишга ўтиб қолади. Шунинг учун фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишувида онанинг хизмати жуда зарур ва муҳимдир.

Оила - тарбия маскани ҳисобланади. Шундай экан, фарзанд энг биринчи тарбияни оиладан олади. "Бир болага етти маҳалла ота-она", дейишади. Демак, боланинг жамиятдаги ўрнини топишида маҳалла ҳам муҳим роль ўйнайди.

Фарзанд тарбиясида, биринчи навбатда оила аъзолари, шунингдек маҳалла, жамият фаоллари ҳам собит туриши лозим. Уларнинг сустлашиши ёки беэътиборлиги турли кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Натижада, бола бетарбия бўлиб улғаяди. Жамиятга зарар етказиш, давлатига хиёнат, динига хилоф ишларни қилиш каби иллатлардан ҳам тоймайдиган бўлиб улғаяди.

Мамлакатимизда осойишталик ва хотиржамликни ардоқлаб, фуқаролар, айниқса ёшлар илмли, маърифатли бўлиб, илм-фан йўлида эркин ижод қилишлари фақат яхшилик сари интилишга хизмат қилади. Булар эса ўз навбатида четдан кириб келадиган турли экстремистик марказлар, ақидапарастларнинг даъватлари, “оммавий маданият” иллатларининг зарарли таъсирлари, таҳдидлари, турли маънавий тажовузлар ўз таъсирини ўтказа олмаслигини таъминлайди.

         Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, аҳлоқсизлик, маънавиятимиз, анъаналаримизга ёт бўлган “оммавий маданият”дан, турли ахборот хуружларидан муҳофаза қилиш шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини англаб етишимиз ҳамда зарарли иллатларга қарши курашишнинг ташаббускори, етакчисига айланишимиз шартдир. Зотан, "Оммавий маданият" миллий қадриятларимизга соя солмасин.


  С.Тоғаев,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари