Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Юридик хизмат кўрсатиш соҳаси ислоҳ қилинди


Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев президентлик лавозимига киришган илк дамларданоқ юридик хизмат фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилди.

Жумладан, 2017 йил 19 январда давлат органлари ва ташкилотларида қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан юридик хизмат ходимларига алоҳида мақом берилиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланди, уларга мартаба даражаси бериш жорий қилинди, буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизаси мажбурий тартибда юридик хизмат томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Шунга қарамай, таҳлиллар туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати фаолиятининг самарадорлик даражаси ниҳоятда пастлигини кўрсатди. Сабаби аён: бир томондан туман (шаҳар) даражасидаги давлат ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси пастлиги мазкур соҳага юқори малакали кадрларни жалб қилишда қийинчилик туғдирган бўлса, иккинчи томондан ташкилот раҳбарларининг бевосита ёки билвосита таъсир ўтказиши юридик хизматларнинг қонун устворлигини таъминлаш борасидаги фаолиятига таъсир кўрсатмай қолмади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан мазкур муаммолар бартараф қилиниб, шаҳар ва туман адлия бўлимлари ҳузурида давлат ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 17 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари қошида юридик хизмат марказлари ташкил этишнинг ҳуқуқий механизми яратилди.

Ушбу босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар давоми сифатида жорий йилнинг 29 июнь куни “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарор билан 2021 йил 1 октябрдан ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилиши шунингдек, давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш “E-huquqshunos” электрон тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.

Эътиборлиси, марказ ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларига тенглаштирилиб, уларга адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилади. Шу билан бирга марказ ходими сифатида камида 3 йил меҳнат стажига эга бўлган ходим лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш, нотариал идорада 6 ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўйлаймизки, “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги мазкур қарор давлат ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатилиши, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний, ҳар томонлама пухта бўлиши, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ҳимоя қилиниши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳилола Сулайманбекова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси