Янгиликлар
Ҳар бир мурожаат адлия эътиборида
Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ва назорат олиб бориш Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг асосий вазифаларидан биридир. Бироқ, айрим фуқаролар мазкур ташкилотлардан норози.
Хусусан, С. Примқулова, Ш. Джайнарова, А. Хисамудинова ва Д. Ортиқовага Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан касбга қайта тайёрлаш даврида тўланиши лозим бўлган жами 4 483 800 сўм стипендия тўлаб берилмаган. Ушбу ҳолат фуқароларнинг адлия бошқармасига мурожаат қилишига сабаб бўлди.
Мазкур мурожаат Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунига кўра, ишсиз шахсларга меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш даврида стипендия тўланиши кафолатлансада, марказ томонидан юқоридаги қонун талаблари қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган.
Натижада, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Бандлик бош бошқармасига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Адлия аралашуви билан Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан С. Примқулова, Ш. Джайнарова, А. Хисамудинова ва Д. Ортиқоваларга жами 4 483 800 сўм стипендия тўлаб берилиши таъминланди.
Т. Каримов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси