Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Сирдарё вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар ўтказилди


Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Бахтиёр Исламов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида жойлашган истироҳат боғида Сайхунобод ва Сирдарё туманлари аҳолиси учун, Оқолтин туман Овдуш дала ҳовлисида Оқолтин ва Сардоба туманлари аҳолиси учун, Гулистон шаҳри марказида жойлашган истироҳат боғида Гулистон шаҳар, Гулистон ва Мирзаобод туман аҳолиси учун, Боёвут туманидаги 2-сонли вилоят хорижий тилларга ихтисослашган мактаб интернати ҳовлисида Боёвут, Ховос туманлари ҳамда Янгиер ва Ширин шаҳар аҳолиси учун оммавий қабуллар ўтказилди.

2 кун мобайнида вилоят ҳудудлари бўйлаб ўтказилган ушбу сайёр қабуллар давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жами 16 та мурожаат қабул қилинди.

Жумладан, ишсизлик нафақа пулларини ундириш масаласида 2 нафар, фермер хўжалигини ташкил этиш учун вақтинчалик туман ҳокимлиги заҳирасидаги ер майдонини ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарорини тасдиқлаш масаласида 2 нафар, ўлим тўғрисида гувоҳнома олиш масаласида 1 нафар, уй-жойга компенсация масаласида 2 нафар, имтиёзли уйлардан олиш масаласида 1 нафар, яшаб келаётган уй-жойига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш масаласида 1 нафар ҳамда бошқа масалаларда 5 нафар фуқаролар мурожаат қилди.

Шундан, 5 та мурожаат ижобий ҳал қилиниб, ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 11 та мурожаат иш юритувга қабул қилинди.

Хусусан, Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, Наврўз маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Шерматова ва Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани, Дўстлик маҳалласида яшовчи Ю.Базаровга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги Сирдарё вилоятида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4172-сон қарори юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти, Ховос тумани, Чаманзор маҳалласида яшовчи фуқаро Ў.Пардаева, Сирдарё вилояти, Ховос тумани, Бинокор маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 17 майдаги 36-сон қарори билан тасдиқланган “Муҳтож шахсларни протез-ортапедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низоми ҳамда Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, Олмозор маҳалласида яшовчи фуқаро Ў.Мусаевга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2021 йилларда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, мурожаатлари қаноатлантирилди.

Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича Сирдарё вилоятида ўтказилган мазкур оммавий сайёр қабуллар халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш асносида инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда  муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими