Янгиликлар
Давлатимиз герби – фахримиз, ғуруримиз
Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, гербимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ янги давлат, янги жамият қуриш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида халқимизнинг миллий ғурурини кўтаришга, озод ва обод Ватан барпо этишга бўлган интилиши, шижоатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз рамзлари, жумладан, герб лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокамалар асосида қабул қилингани бу борада муҳим ишлардан бири бўлди.
Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Давлатимиз герби тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлардан жой олмоқда. Ўзбекистон герби давлатимиз чегараларида ўрнатилди.
Мамлакатимиз гербимиздаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги чуқур рамзий маънога эга. Баланд тоғлар орасидан оқаётган дарёлар - ҳаёт боқийлиги рамзи бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари ризқ-рўзимиз бутунлигини, ўнг томонидаги қийғос очилган пахта юртдошларимиз қалби, нияти поклигини, беқиёс бойликларимизни акс эттиради.
Давлатимиз гербининг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Мусамман ичидаги ярим ой - қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Бу тимсоллар миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзидир.
Юртимиз гербида гуллаган водий узра нур сочаётган қуёш тасвири заминимизнинг серқуёшлигига, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишорадир.
Мамлакатимиз гербининг марказидаги қанотларини кенг ёйиб турган Ҳумо қуши қадимдан бахт ва давлат қуши, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган.
Гербнинг пастки қисмида, байроғимизни эслатувчи чамбар бандида зарҳал ҳарфлар билан барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган «Ўзбекистон» сўзи битилган.
Ҳар бир юртдошимиз гербимизда акс этган юксак маъно-мазмундан чексиз ғурур туяди. 2010 йил 25 декабрдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан давлатимиз гербидан фойдаланиш қоидалари янада мустаҳкамланди. Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас. Давлатимизнинг барча рамзлари қатори гербимиз ҳам ҳаётимиздан, қалбимиздан чуқур ўрин эгаллаб, Ватанимиз мустақиллигининг чинакам тимсолларидан бирига айланди.
Хулоса щрнида айтганда, барча давлат рамзлари қатори герб ҳам халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этади. У олий саодат - истиқлолимиз рамзи, ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаидир.
С.Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари