Янгиликлар
Адлия аралашгач, адолат қарор топди
“SHAX-YAN-TRANS-SERVIS” МЧЖ ҳамда Ховос туман ҳокимлиги ўртасида пахта терими ҳашарчиларини ташиш бўйича автохизмат кўрсатиш юзасидан умумий қиймати 90 000 000 сўмлик шартнома тузилган эди. Шартномага асосан автокорхона томонидан тўлиқ хизмат кўрсатилган бўлсада, Ховос туман ҳокимлиги томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилмаган, яъни 29 926 000 сўм миқдорда пул маблағлари ўтказиб берилмаган.
“SHAX-YAN-TRANS-SERVIS” МЧЖ раҳбари З.Эгамбердиев автохизматлар учун тўланмай қолган пул маблағларини тўлаш чораларини кўриш юзасидан Ховос туман ҳокимлигига қайта-қайта мурожаат қилсада, муаммоси ҳал бўлмади. Шундан сўнг жамият раҳбари Сирдарё вилоят адлия бошқармаси кўмагига таянди, Ховос туман ҳокимлигидан қарздорликни ундириш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат бошқарма томонидан ўрганиб чиқилди. Мурожаат асосли экан, тарафлар ўртасида тасдиқланган таққослаш далолатномасида ҳам қарздорлик ўз аксини топди.
Шунга кўра, адлия бошқармаси томонидан “SHAX-YAN-TRANS-SERVIS” масъулияти чекланган жамияти манфаатида Боёвут иқтисодий судига Ховос туман хокимлигидан 29 926 000 сўм миқдорда қарздорликни ундириш бўйича даъво аризаси киритилди.
Натижада, суднинг ҳал қилув қарори билан Ховос туман ҳокимлигидан
“SHAX-YAN-TRANS-SERVIS” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 29 926 000 сўм миқдорда пул маблағлари ундирилиши белгиланди.
Жаҳонгир Шамирзаев,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи